Польшанинг Болтиқ денгизи соҳилида маҳаллий ҳаваскорлар тахминан 2800 йил аввал ясалган ноёб ханжарни топишди. Артефакт Европадаги темир асри бошланиши билан боғлиқ Халштат маданияти услубида тайёрлангани аниқланди.
Камен-Поморский яқинидаги соҳилда бўрондан кейин ер қатлами емирилиб, қадимий буюм юзага чиққан. Топилмани тарих ҳаваскорлари Яцек Уковский ва Катажина Герджик лой бўлагидан топиб, дарҳол Камен шаҳри тарихи музейи директорига хабар беришган.
Узунлиги 24 сантиметр бўлган ханжар ярим ой шакллари ва геометрик нақшлар билан безатилган. Музей директори Гжегож Курканинг таъкидлашича, бу буюм Полшада топилган энг ноёб металл артефактлардан бири саналади.
Олимлар ханжар маросим ёки диний расм-русумларда қўлланилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Аммо унинг мувозанатли тузилиши ва мустаҳкамлиги, айрим мутахассислар фикрича, у юқори мартабага эга жангчи қуроли бўлганидан дарак беради.
Тахминларга кўра, ханжар қадимдаги металл ишлов бериш марказларидан бири — ҳозирги Италия, Австрия ёки Болқон минтақасида тайёрланган бўлиши мумкин. Уни шимолга қадимий савдо йўллари орқали олиб келингани эҳтимол қилинмоқда. Тез орада ўтказиладиган лаборатория таҳлиллари унинг аниқ келиб чиқиши ва вазифасини белгилаб бериши кутилмоқда.






