Тожикистон сунъий интеллект соҳасида тарихий қадам ташлади — мамлакатда дунёдаги илк сунъий интеллектга ихтисослашган махсус ҳудуд Area AI ташкил этилди. Лойиҳа шу йил октябрда ишга туширилган бўлиб, у сунъий интеллектни ривожлантириш, маълумот марказлари ва илмий-тадқиқот лабораторияларини бирлаштирувчи замонавий технопарк вазифасини бажаради. Бу ҳақда “Zamon.uz” нашри хабар берди.
Тожикистон ҳукумати 2022 йилда қабул қилинган “Сунъий интеллектни ривожлантириш стратегияси” доирасида бу ташаббусни амалга оширди. Ҳужжатга кўра, 2040 йилгача сунъий интеллект мамлакат ялпи ички маҳсулотига камида 5 фоиз ҳисса қўшиши режалаштирилган.
Area AI зонанинг асосий мақсади — маҳаллий ва халқаро мутахассислар учун илмий-тадқиқот ва ишлаб чиқариш майдони яратиш, сунъий интеллект моделларини, айниқса маҳаллий тиллардаги рақамли ечимларни ишлаб чиқишдир. Лойиҳа доирасида БАА, АҚШ, Сингапур ва Ҳиндистон компаниялари билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланган.
Муттахассислар фикрича, мазкур қадам Тожикистонни Марказий Осиёда сунъий интеллект бўйича етакчи давлатга айлантириши мумкин. Бироқ мутахассислар малакали кадрлар, сармоя ва технологик инфратузилма масалалари ҳал этилишини муҳим деб ҳисобламоқда.






