Париж шаҳри прокуратураси Франциянинг собиқ президент Николя Саркозини қамоқдан озод қилишни ва уни суд назоратига ўтказишни сўради. Суд бу сўровни қаноатлантирди, деб ёзди BFMTV.
Тегишли баёнот билан прокуратура вакили 10 ноябрь куни Париж апелляция судида бўлиб ўтган эшитувда чиқди. Прокуратура Саркозининг айбланувчилар ва унинг иши бўйича гувоҳлар билан алоқасини тақиқлашни қамоқдан озод қилиш шарти деб атади. Ҳимоя ҳам Саркозини қамоқдан бўшатиб, суд назоратига ўтказишни сўради.
Қайд қилинишича, суд Саркозини суд назорати остида озод қилишда қуйидаги асосий шартларни қўйган:
- Франция ҳудудини тарк этишни тақиқлаш.
- Ишда иштирок этувчи бошқа шахслар, шу жумладан гувоҳлар ва бошқа айбланувчилар билан алоқа қилишни тақиқлаш.
- Мунтазам равишда полицияга келиб, қайддан ўтиш.
Саркози 21 октябрь куни Париждаги Ла-Санте қамоқхонасига беш йиллик қамоқ жазосини ўташ учун йўл олди.
Саркози Ливия ҳукумати (Муаммар Қаззофий) томонидан ўз сайлов кампаниясини ноқонуний молиялаштиргани иши бўйича қамоқ жазосига ҳукм қилинди. У Францияда ҳақиқий қамоқ жазосини олган биринчи собиқ президент бўлди.
Ҳозир Саркози, шунингдек, гувоҳларга босим ўтказишда ёрдам бериш бўйича бошқа иш бўйича ҳам расмий тергов остида.






