Маълумотларга кўра, Имомўғли президент Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг асосий сиёсий рақиби ҳисобланади. У март ойидан бери коррупция айбловлари билан тергов изоляторида сақланмоқда.
Шаҳар прокуратураси фақат мэрни эмас, балки яна 401 нафар шахсни жиноят ишига жалб этган. Улар Имомўғли “асос солган ва бошқарган” деб ҳисобланган коррупцион тармоқ аъзолари сифатида кўрсатилган.
Прокурор Акин Гюрлекнинг маълумотича, гумонланувчилар пора олиш, бериш ва пул ювиш билан шуғулланган катта жиноий уюшма тузган. Давлатга етказилган зарар 160 миллиард лира (тахминан 3,8 миллиард доллар) деб баҳоланган.
Имомўғли 2028 йилги президентлик сайловларида иштирок этиш ниятида бўлган. Унга нисбатан 12 та порахўрлик, 7 та жиноий даромадларни легаллаштириш ва 7 та давлат муассасасига нисбатан фирибгарлик айблови қўйилган.
“Anadolu” агентлигининг хабарига кўра, айбловлар жами 2430 йиллик қамоқ жазосини назарда тутади. Март ойида унинг ҳибсга олиниши Истанбулда норозилик намойишларига сабаб бўлган.
Шунингдек, прокурорлар Имомўғлини жосуслик ва дипломни қалбакилаштиришда ҳам айбламоқда. Истанбул университети унинг дипломини бекор қилган, бу эса унинг президентликка номзод бўлиш имкониятини шубҳа остига қўйган.
Имомўғли эса бу айбловларни сиёсий тазйиқ деб атаган ва “суд тизими ҳокимият қўлидаги сиёсий воситага айлантирилган”, дея баёнот берган.






