Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон АҚШга киритилаётган инвестицияларни 600 миллиард доллардан 1 триллион долларгача оширишини маълум қилди. Бу ҳақда у 18 ноябрь куни Оқ уйда АҚШ президенти Дональд Трамп билан учрашувда айтди.
Трамп ҳам шаҳзоданинг баёнотини ижобий қарши олган. “600 миллиард энди триллион бўладими? Бу менга жуда ёқди”, — деган у.
Муҳаммад бин Салмонга кўра, Саудия Арабистони АҚШ билан технология, сунъий интеллект, материаллар, магнитизм ва бошқа соҳаларда янги келишувлар имзолаши кутилмоқда.
Маълумот учун, май ойида икки давлат тарихидаги энг йирик иқтисодий пакет — 600 миллиард доллардан ортиқ қийматдаги битимлар тўплами имзоланган эди. Шунда “Axios” нашри Трампнинг Форс кўрфази давлатлари билан 1 триллион долларлик келишув тузиш истаги борлигини ёзганди.






