Ўзбекистон мусулмонлари идораси хабарига кўра, 2025 йилда куз мавсуми деярли ёғингарчиликсиз ўтаётгани ҳамда яқин кунларда ҳам ёмғир кутилмаётгани сабаб 28 ноябрь куни жумадан кейин барча масжидларда жамоат билан истисқо намози ўқилади. Жараёнда тавба, тазарру ва истиғфор билан Аллоҳдан ризқ, мўл-кўллик ва барака рамзи бўлган ёмғир сўралади.
Диний идора изоҳига кўра, ислом тарихида қурғоқчилик даврларида истисқо намози ўқилиши ва унинг ижобий натижалари ҳақида кўплаб ривоятлар мавжуд. Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) сув танқислиги юзага келган пайтларда жамоани дуога чорлаб, ўзлари имом бўлиб намоз ўқиганлари қайд этилган.
Шунингдек, вилоят ва туман марказий масжидларида, зиёратгоҳларда жонлиқ сўйилиб, гўшти кам таъминланган оилаларга тарқатилади.
Диний идора устоз ва талабалар томонидан 28 ноябрга қадар Имом Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий” асари “ҳатми кутуб” қилиниши ҳақидаги топшириқни ҳам эълон қилди. Тарихий манбаларда мазкур китоб қурғоқчилик даврида ўқилганда ёмғир ёққани қайд этилгани таъкидланди.
Бундан ташқари, Умра сафарида бўлиб турган имомларга ҳам Иккки Ҳарамда гуруҳлари билан истисқо намози ўқиш тавсия қилинди.






