Бугун, 25 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Буюк Британиянинг собиқ Бош вазири, Глобал ўзгаришлар институти раиси Тони Блэрни қабул қилди.
Учрашувда мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларни экспертлик жиҳатидан қўллаб-қувватлаш мақсадида Глобал ўзгаришлар институти билан амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Тони Блэр Янги Ўзбекистонда кечаётган изчил ва кенг кўламли ислоҳотлар жараёнига юқори баҳо берди.
Шунингдек, яқинда ўтказилган Тошкент халқаро инвестиция форуми мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини мустаҳкамлаш, ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш ҳамда янги ташаббусларни илгари суриш учун муҳим халқаро майдон бўлганини қайд этди.
Суҳбат чоғида иқтисодиётнинг устувор тармоқларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, етакчи халқаро технологик компаниялар ва йирик стратегик инвесторларни жалб қилиш, рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириш ҳамда илғор инновацион ечимларни жорий этиш ҳамкорликнинг асосий йўналишлари сифатида белгиланди.






