Андижон вилоятининг Асака туманида мактаб ўқувчилари иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлиб, бир нафар ўқувчи вафот этди. Бу ҳақда вилоят ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, воқеа жорий йилнинг 23 июнь куни соат 12:30 атрофида Асака туманидаги «Дастурхончи» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи автомобиль йўлида содир бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, 1987 йилда туғилган Т.Х. бошқарувидаги Damas автомобили чорраҳада чапга бурилиш вақтида қарши томондан ҳаракатланиб келаётган ЗИЛ-138 русумли юк автомобилига йўл бермаган ва икки транспорт воситаси ўртасида тўқнашув юз берган.
Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида Damas автомобилида бўлган 2011 йилда туғилган йўловчи Н.Ф. турли тан жароҳатлари билан шифохонага олиб борилган. Бироқ шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, ўқувчининг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларда мазкур ўқувчилар «Андижон полкаси» тадбиридан қайтаётгани айтилган.






