Ирландия ҳукумати аҳоли ўсиши ва бошпана сўровларининг рекорд даражада кўпайиши туфайли миграция ва бошпана қоидаларини қатъийлаштиришни маълум қилди.
Адлия вазири Жим О’Каллаганга кўра, аҳолининг 1,6 фоизлик йиллик ўсиши — Европа Иттифоқи ўртача кўрсаткичидан етти баравар юқори — уй-жой ва давлат хизматларига жиддий босим ўтказмоқда.
2025 йил апрелига келиб Ирландия аҳолиси 5,46 миллионга етди. Соф миграция 2022 йилдан бери икки баравар ошиб, йилига ўртача 72 минг кишини ташкил этмоқда.
Бу ишлашга рухсатномалар, оилаларни бирлаштириш ва украиналик қочқинларнинг келиши билан изоҳланади. 2024 йилда бошпана сўровлари 18 651 тагача кўтарилиб, рекордни янгилади.
Сўнгги йилларда бошпана изловчилар сони ортиши бир неча норозилик акциялари ва тартибсизликларга сабаб бўлди. Ўтган ой Дублин яқинида мингга яқин намойишчи полиция билан тўқнашган эди.
Янги кескин қоидалар
Ҳукумат тасдиқлаган ислоҳотлар Ирландия миграция тизимидаги энг катта ўзгаришлардан бири сифатида тавсифланмоқда. Улар қуйидагиларни ўз ичига олади:
Ишлаётган бошпана изловчилар давлат томонидан таъминланадиган турар жой харажатларига ўз даромадининг 10–40 фоизини тўлайди. Чора 7 500 кишига таъсир қилади.
ЕИдан ташқаридаги қариндошларни чақириш учун аризачилар йилига камида 44 000 евро даромадга эга бўлиши ва талабга мос уй-жой кўрсатиши шарт.
Қочқинлар учун фуқаролик олиш талаби уч йилдан беш йилга оширилади. Узоқ муддат ижтимоий нафақа олганлар эса истисно қилинади.
Давлат хавфсизлигига таҳдид солувчи ёки оғир жиноят содир этган муҳожирлар бошпана мақомидан маҳрум қилиниши мумкин.
Ҳукуматнинг айтишича, чоралар аҳолининг кескин ўсиши фонида давлат ресурсларини муҳофаза қилиш ва тизимни барқарорлаштиришга қаратилган.






