28 ноябрь куни Тошкентнинг Абдулла Қодирий кўчасида содир бўлган ЙТҲ оқибатда Poytaxt Parking инспектори Феруз Пармонов ҳалок бўлди. ЙҲХБ маълумотига кўра, соат 11:10 атрофида Onix ҳайдовчиси ҳаракат вақтида бошқарувни йўқотиб, йўл четида турган инспекторни уриб юборган.
Зарба таъсирида автомобиль аввал ўнг қаторда тўхтаб турган Nexia-3 ва Cobalt билан тўқнашган, кейин эса йўлнинг қатнов қисмига чиқиб кетган. Инспектор воқеа жойида вафот этгани қайд этилган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ишлари олиб борилмоқда.
Poytaxt Parking компанияси ижтимоий тармоқлардаги текширилмаган маълумотлар тарқатилаётганидан ташвиш билдириб, жамоатчиликни тергов якунларини кутишга ва марҳумнинг хотирасига ҳурмат билан ёндашишга чақирди. Компания тергов жараёнида тегишли органларга тўлиқ кўмак кўрсатаётганини ҳам маълум қилди.
“Феруз фидокор ва масъулиятли ходим эди. Унинг кутилмаган ўлими бутун жамоамиз учун катта йўқотиш бўлди”, — дейилади компания баёнотида






