АсосийДунё

Украина ўт очишни тўхтатиши мумкин

Берлинда Зеленский билан ўтган учрашувда жанг ҳаракатларини тўхтатиш йўлида сезиларли силжишга эришилган.

'Украина ўт очишни тўхтатиши мумкин'ning rasmi

Берлин шаҳрида бўлиб ўтган учрашув чоғида Украинада эҳтимолий ўт очишни тўхтатиш масаласи бўйича америкалик ва украиналик делегациялар ўртасида 5 соатдан ортиқ музокаралар олиб борилган. Бу ҳақда АҚШ президенти Дональд Трампнинг махсус вакили Стивен Уиткофф 14 декабр куни X ижтимоий тармоғида ёзган.

Маълум қилинишича, учрашувда Украина президенти Володимир Зеленский, АҚШнинг махсус вакили Стивен Уиткофф ҳамда Трампнинг маслаҳатчиси ва куёви Жаред Кушнер иштирок этган. Томонлар 20 банддан иборат тинчликка эришиш режаси, иқтисодий масалалар ва бошқа қатор мавзулар бўйича чуқур муҳокамалар ўтказган.

Учрашувнинг бошида Германия канцлери Фридрих Мерц ҳам қатнашган, кейинчалик у ўз вакилини қолдириб, музокараларни тарк этган. Кейинроқ Мерц X ижтимоий тармоғида Украинада мустаҳкам тинчликка эришиш истагини билдириб, олдинда мураккаб масалалар турганини қайд этган.

Маълумотларга кўра, маслаҳатлашувлар 15 декабр куни ҳам давом эттирилади. Унда Европа давлатлари раҳбарлари, шунингдек, Европа Иттифоқи ва НАТО раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда.

Аввалроқ Reuters агентлиги хабар беришича, Володимир Зеленский журналистлар билан мулоқотда тинчлик музокараларида муайян муросаларга тайёр эканини билдирган. Хусусан, Киев НАТОга аъзо бўлиш ўрнига АҚШ ва Европа давлатлари томонидан юридик мажбурий хавфсизлик кафолатларини қабул қилиш имконини кўриб чиқмоқда.

Шунингдек, Зеленский жанг ҳаракатларини фронтнинг ҳозирги чизиғи бўйича музлатишни адолатли вариант сифатида баҳолаган. Россия томони эса аввал ҳам бир неча бор Украина қўшинларини Донецк ва Луҳанск вилоятларининг айрим ҳудудларидан олиб чиқишни талаб қилиб келган.

    Бошқа янгиликлар