АсосийЖамият

Жаҳон банки ўзбекистонликлар шароитини яхшилаш учун 250 млн доллар ажратди

Дастур жами 3,6 миллион аҳоли яшайдиган 16 та стратегик муҳим туман ва шаҳарни қамраб олади.

'Жаҳон банки ўзбекистонликлар шароитини яхшилаш учун 250 млн доллар ажратди'ning rasmi

Жаҳон банки ижрочи директорлар кенгаши Ўзбекистон учун 250 миллион АҚШ доллари миқдоридаги молиялаштириш пакетини тасдиқлади. Ушбу маблағлар “Шаҳарларда яшаш ва унумдорликни ошириш учун қулай шароитлар яратиш” (Livable and Productive Cities Program — LPCP) дастури доирасида йўналтирилади.

Қайд этилишича, молиялаштириш мамлакатнинг 16 та туман ва шаҳрида аҳоли ҳамда бизнес учун муниципал инфратузилма ва хизматларни ривожлантиришга хизмат қилади. Ҳозирда Ўзбекистондаги 37 миллион аҳолининг ярмидан кўпи шаҳарларда яшайди, 2050ийилга бориб бу кўрсаткич 60 фоиздан ошиши кутилмоқда. Урбанизация жараёнининг жадаллашуви шаҳарларни режалаштириш ва бошқариш, инфратузилма ҳамда коммунал хизматларни такомиллаштириш заруратини юзага келтирмоқда.

Маълум қилинишича, шаҳарларнинг назорасиз ўсиши, эскирган инфратузилма, сув таъминоти ва канализация хизматларидан фойдаланиш имкониятларининг чекланганлиги аҳоли турмуш сифати ва бизнес унумдорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ушбу муаммолар табиий-иқлимий фавқулодда ҳолатлар таъсирида янада кучаймоқда.

Мазкур масалаларга ечим топиш мақсадида ҳукумат 2025 йилда ҳудудларни жадал комплекс ривожлантириш давлат дастурини ишга туширган. Дастур жами 3,6 миллион аҳоли яшайдиган 16 та стратегик муҳим туман ва шаҳарни қамраб олади.

Жаҳон банки томонидан молиялаштириладиган LPCP  дастури ушбу давлат дастурида назарда тутилган тадбирларни амалга оширишни қўллаб-қувватлайди. Дастур доирасида Янгийўл ва Марғилон шаҳарлари, шунингдек, Қўнғирот, Чимбой, Асака, Ғиждувон, Ғаллаорол, Яккабоғ, Хатирчи, Чортоқ, Булунғур, Сирдарё, Денов, Қува, Шовот ва Ҳазорасп туманларида инфратузилмани ривожлантириш режалаштирилган.

LPCP дастури Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан маҳаллий ҳокимият органлари билан ҳамкорликда амалга оширилади. Дастур аҳоли ва бизнеснинг муниципал инфратузилма ва хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, ҳудудларни ривожлантириш бўйича бош режа ва инвестиция режаларини ишлаб чиқиш, шунингдек, маҳаллий ҳокимиятлар салоҳиятини оширишни кўзда тутади. Дастур доирасида ерларнинг олиб қўйилиши ёки фуқароларнинг мажбурий кўчирилишига олиб келадиган лойиҳалар молиялаштирилмайди.

2030 йилга келиб, LPCP дастури орқали 16 та туман ва шаҳарда қарийб 1 миллион аҳолининг турмуш шароитларини тўғридан-тўғри яхшилаш режалаштирилган. Дастур 300 минг кишининг транспорт хизматларидан фойдаланиш имкониятини ошириш, 400 минг аҳоли учун жамоат жойлари ва боғларни ривожлантиришни назарда тутади. Шунингдек, инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш жараёнида қурилиш соҳасида 10 мингга яқин вақтинчалик иш ўринлари яратилиши кутилмоқда.

    Бошқа янгиликлар