Тошкент шаҳар ИИББ ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ўтказган тезкор тадбирда Телеграмъдаги ноқонуний бот фаолияти фош этилди. У орқали гиёҳвандлик воситалари савдоси билан бирга крипто активларни олиш, ўтказиш ва айирбошлаш ишлари амалга оширилгани аниқланди.
Юнусобод туманида ўтказилган тадбирлар давомида 1997 йилда туғилган А., 2001 йилда туғилган Ш. ва Т. қўлга олинди. Улар бошқарувида бўлган бот орқали қарийб 95 минг транзаксия ўтказилиб, жами 2 миллион 375 минг долларлик крипто актив айланмаси қайд этилган. Текширувда телефонлар, ноутбуклар, банк карталари, СИМ-карталар, гиёҳванд моддалар ҳамда кучли таъсир қилувчи дорилар далилий ашё сифатида олинди.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди.






