8 январдан бошлаб республика бўйлаб метан “заправка”лар соат 10:00 дан 16:00 гача ишлайди. Чеклов магистраль газ қувурларида босим пасайиши билан боғлиқ.
Энергетика вазирлиги маълум қилишича, магистраль газ қувурларида босим пасайиши кузатилаётгани сабабли метан “заправка”лар фаолиятига вақтинча чеклов жорий этилмоқда. Шу муносабат билан 8 январдан бошлаб автогаз қуйиш шохобчалари соат 10:00 дан 16:00 гача ишлайди.
Қайд этилишича, мазкур чора аҳоли хонадонлари, жамоат транспорти ҳамда ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан барқарор таъминлаш мақсадида кўрилмоқда. Фарғона водийсида эса метан “заправка”ларнинг иш режими газ босими ҳолатидан келиб чиққан ҳолда маҳаллий ҳокимликлар билан келишиб белгиланади.
Вазирликка кўра, газ таъминотидаги умумий ҳолат, босим даражаси ва истеъмол ҳажмидан келиб чиқиб, чекловлар қайта кўриб чиқилиши мумкин. Шунингдек, газ босимини меъёрга келтириш бўйича амалий ишлар олиб борилаётгани, чекловлар эса вақтинчалик экани таъкидланди.






