Тошкентда “Saylov.uz-2016” пресс клуби фаолияти якунларига бағишланган “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида янги медиа форматлар” деб номланган тадбир бўлиб ўтди.
2016 йилнинг 21 декабр куни Тошкент шаҳридаги “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (ЎзEОАВМА), “Uzbekistan Today” АА, “Менинг Юртим” телеканали, “Водий садоси” ЁТРК (“Зўр-ТВ”), “Uzreport” АА, “Sevimli-tv.uz” интернет-телеканали, “Darakchi inform servis” МЧЖ томонидан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази, А.Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, ЮНEСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида Медиаивент шаклидаги учрашув бўлиб ўтди.
Норасмий, байрамона ва дўстона руҳда ўтган учрашувда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари, ЎзEОАВМАга аъзо нодавлат телерадиостанциялар раҳбарлари, ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирда турли жанрларда медиа-маҳсулотлар тайёрлаш орқали давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотни таъминлашнинг янги усуллари, бунда нодавлат электрон ОАВ томонидан давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг очиқлигини, инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган медиа-контент яратиш мақсадида ташкил этилган ҳамда кенг жамоатчилик, шунингдек, миллий ва хорижлик эксперт, журналист ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёнларини кузатиш учун ташриф буюрган халқаро кузатувчиларнинг ҳам юқори баҳоларига сазовор бўлган Пресс клуб фаолиятини доимий йўлга қўйиш, шу билан бирга халқ билан мулоқотни таъминлашда тезкорлик ва замонавийликка эришишда инновацион усуллардан фойдаланиш, мультимедиа майдонларини ташкил қилиш масалалари, давлат ва жамият муносабатлари шаффофлигини таъминлашда мустақил босма ОАВ олдида турган вазифалар муҳокама қилинди.
Муҳокамалар якунига кўра тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Шунингдек, Meetup учрашувида пресс клуб фаолиятини ёритишда алоҳида жонбозлик кўрсатган ОАВ ва ташкилотлар вакиллари эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Таъкидлаш жоизки, сайловни ёритиш бўйича пресс клуб доирасида нодавлат электрон ОАВлар томонидан 3000 дан ортиқ медиа-контент тайёрланди. Пресс клубнинг 100 га яқин ходими ЎзЭОВМА томонидан 100 миллион сўмдан ортиқ пул мукофотлари билан тақдирланди.





