Бугун, 26 январь куни Ўзбекистон Республикаси-Президенти, Миллий Олимпия қўмитаси раиси Шавкат Мирзиёев Осиё Олимпия кенгашининг 46-Бош Ассамблеясида иштирок этди ҳамда Осиё Олимпия кенгаши президенти этиб сайланган Шайх Жавъан бин Ҳамад Ол Сонийга Миллий Олимпия қўмитасининг “Шон-шараф” орденини топширди.
Осиё Олимпия кенгаши 1982 йилда ташкил этилган бўлиб, Осиё қитъасида олимпия ҳаракатини мувофиқлаштиради. Ҳозирда ташкилотга 45 та мамлакатнинг миллий олимпия қўмиталари аъзо ҳисобланади. Мазкур Бош Ассамблея доирасида Осиё олимпия ҳаракатининг асосий йўналишлари белгилаб олинди ҳамда кенгаш президентлиги лавозимига Қатар Олимпия қўмитаси президенти Шайх Жавъан бин Ҳамад Ол Соний сайланди.
Тадбирда Халқаро Олимпия қўмитаси, Осиё Олимпия кенгаши, WADA, халқаро спорт федерациялари раҳбарлари ҳамда бошқа нуфузли спорт ташкилотлари вакиллари иштирок этди.






