Эрон ва Ироқда мамлакатнинг марҳум Олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий билан видолашув муносабати билан олти кунлик мотам тадбирлари ўтказилади. Бу ҳақда Эроннинг Tasnim ахборот агентлиги маълум қилди.
Маълум қилинишича, видолашув маросимларида 30 дан ортиқ давлат расмийлари ҳамда 90 дан зиёд мамлакатнинг диний арбоблари иштирок этиши кутилмоқда. Бу ҳақда Эрон ички ишлар вазири ўринбосари ва мотам тадбирларини ташкил этиш бўйича штаб раҳбари Али Акбар Пуржамшидийон Теҳронда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилган.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Исмоил Бақоий ҳам Олий раҳбарнинг вафоти муносабати билан кенг кўламли мотам тадбирлари ташкил этилишини ҳамда минтақа давлатлари ва бошқа мамлакатлар расмийлари уларда иштирок этишга тайёр эканини тасдиқлаган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидаги манбага кўра, 3 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов бошчилигидаги делегация Эронга ташриф буюриб, мотам маросимларида иштирок этади.
Расмий дастурга кўра, мотам тадбирлари 4 июль куни Теҳрон шаҳридаги «Мусалло» мажмуасида бошланади. Шу кундан эътиборан мажмуа оммавий видолашув учун очилади. 5 июль куни эса шу ерда жаноза намози ўқилиб, пойтахт бўйлаб оммавий мотам юриши ўтказилиши режалаштирилган.
Шунингдек, маросимлар Эроннинг Қум ва Машҳад шаҳарларида, шунингдек, шиалар учун муқаддас ҳисобланган Ироқнинг Нажаф ва Карбало шаҳарларида ҳам бўлиб ўтади. Али Хоманаийнинг жасадини дафн этишнинг якуний маросими 9 июль куни Машҳад шаҳрида ўтказилиши белгиланган.
Али Акбар Пуржамшидийоннинг таъкидлашича, тайёргарлик ишларини мувофиқлаштириш мақсадида Эронда ягона миллий штаб тузилган. Ироқ томони ҳам мотам тадбирлари ва жасадни қабул қилиш жараёнларини мувофиқлаштирувчи алоҳида марказни ташкил этган.






