Бу ҳақда 27 январь куни Президент раислигида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармасида ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди. Қайд этилишича, Ёшлар ишлари агентлиги, Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирликларида мазкур йўналишга масъул алоҳида ўринбосар бўлади.
Маълумотларга кўра, ўтган йил пойтахтда 1,5 мингдан ортиқ шахс гиёҳвандликка ружу қўйгани расман рўйхатга олинган. Норасмий, “соя”даги гиёҳвандлар сони эса бундан ҳам кўп бўлиб, уларнинг аксарияти ёшлар ҳисобланади. Бир гиёҳванд ойига ўртача 20–25 миллион сўмни наркотикка сарфлаётгани қайд этилди.
Президент таъкидлаганидек, гиёҳвандлик жиноятчиликни келтириб чиқарувчи асосий омиллардан бири ҳисобланади. Шу боис, жорий йилдан бошлаб нарко экспресс-тестлардан оммавий фойдаланиш йўлга қўйилади. Шунингдек, ҳокимлар, олийгоҳ ректорлари, техникум ва мактаб директорларининг ўринбосарларидан бири ушбу йўналишга масъул қилиб белгиланади.
Бундан ташқари, гиёҳвандларни даволашга камида тўрт ой вақт талаб этилиши қайд этилди. Шу муносабат билан аҳолига хусусий шериклик асосида наркологик хизмат кўрсатиш бўйича қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди.






