Санитария-эпидемиологик осойишталик қўмитаси расмийсига кўра, мамлакатда вазият барқарор. Ҳиндистонга сафар режалаётган фуқароларга эса эҳтиёт чоралари тавсия этилди.
Сўнгги кунларда Ҳиндистонда Нипах вируси билан боғлиқ хабарлар кенг муҳокама қилинмоқда. Шу муносабат билан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков Ўзбекистонда ушбу вирус тарқалиш эҳтимоли жуда паст эканини маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, мамлакатимизда эпидемиологик вазият барқарор бўлиб, хавотирга ўрин йўқ. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам Нипах вируси глобал эпидемия ёки пандемияга олиб келиши эҳтимоли пастлигини билдирган.
Маълум қилинишича, Нипах вируси асосан кўршапалаклар ва чўчқалар орқали юқади, айрим ҳолларда эса одамдан одамга ҳам ўтиши мумкин. Вирусга қарши ҳозирча вакцина мавжуд эмас, даволаш симптоматик тарзда олиб борилади.
Шу билан бирга, Ҳиндистонга боришни режалаштираётган фуқароларга шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш, меваларни яхшилаб ювиш ва текширилмаган сувни ичмаслик тавсия этилди. Айни пайтда Ўзбекистонда 54 та чегара пунктида эпидемиологик назорат кучайтирилган.






