Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон вилояти бўйича бошқармаси, Божхона ва Ички ишлар органлари ҳамкорлигида Асака туманида тезкор тадбир ўтказилди.
Тадбир давомида 1988 йилда туғилган шахснинг ёнидан номсиз спрей идишдаги шубҳали суюқлик ҳамда икки дона дори воситаси аниқланиб, вақтинча сақловга олинди. Кейинчалик унинг Хўжаобод туманидаги хонадон кўздан кечирилганда, ушбу манзилда нарколаборатория ташкил этилгани маълум бўлди.
Хонадондан спрей идишлардаги номаълум суюқликлар, оқ рангли кукунсимон моддалар, кучли таъсир қилувчи дори воситалари ҳамда гиёҳвандлик воситалари тайёрлашга мўлжалланган анжомлар ашёвий далил сифатида олинди. Экспертиза хулосасига кўра, мусодара қилинган моддалар “Альфа PVP” синтетик гиёҳвандлик воситаси ва “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи модда ҳисобланади.
Ҳозирда гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.






