Навоий вилоятининг Кармана туманида 7 ёшли бола Howo русумли юк автомобилини бошқаргани аниқланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси Матбуот хизмати хабар берди.
Ижтимоий тармоқларда кичик ёшли боланинг юк машинасини бошқараётгани акс этган видео тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди. Ҳолат юзасидан ўтказилган суриштирув давомида воқеа 2025 йил сентябрь ойида содир бўлгани маълум бўлди.
Аниқланишича, транспорт воситаси бошқаруви болага аммасининг ўғли томонидан ишониб топширилган. Шунингдек, вояга етмаган болани назоратсиз қолдирган онага нисбатан ҳам чора кўрилган.
Қайд этилишича, болага транспорт воситасини бошқаришга берган фуқаро ҳамда уни назоратсиз қолдирган онага нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари асосида маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.
Howo русумли юк автомобили эса вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, бу Навоий вилоятида вояга етмаган шахснинг транспорт воситасини бошқариши билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас. Аввалроқ маст ҳолатда бўлган отаси ўрнига 10 ёшли боланинг Matiz автомобилини бошқаргани аниқланган эди.
Шунингдек, жорий йилнинг март ойида Тошкент шаҳрида вояга етмаган ҳайдовчи бошқарувидаги Lacetti йўл-патруль хизмати ходимларидан қочиб, қарши ҳаракат йўлагига чиққан ва бошқа автомобиль билан тўқнашган. Май ойида эса Қўқонда мактаб ўқувчиси бошқарган Malibu иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаси ҳалокат билан якунланган, Фарғона вилоятида эса 14 ёшли бола отасининг автомобилини ҳайдаб, йўл-транспорт ҳодисасини содир этганди.






