Мажмуа қурилиш материаллари савдосини янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда. Ташаббускор инвестор томонидан лойиҳа учун 25 миллион доллар сармоя йўналтирилган. Савдо маркази 4,6 гектар ҳудудда барпо этилиб, 42 минг квадрат метр қурилиш ишлари амалга оширилган. Ҳудудда 1 минг ўринли автотураргоҳ ташкил этилган.
Уч қаватли мажмуада қурилиш ва таъмирлаш маҳсулотлари савдоси марказлашган ҳолда йўлга қўйилди. Бу ерда 500 та дўкон фаолият юритади. Барча маҳсулотлар ва уларнинг нархи ягона электрон платформа орқали очиқ эълон қилинади.
Лойиҳа ишга тушиши билан 2 минг нафар фуқаро иш билан таъминланди. Мажмуа йилига 3 миллионгача харидорга хизмат кўрсатиш қувватига эга.
Хавфсизлик тизими ҳам кучайтирилган: савдо комплекси 500 та замонавий кузатув камераси билан тўлиқ қамраб олинган.
Президент мажмуа қурилиш материаллари бозорида тартиб, шаффофлик ва замонавий хизмат стандартларини шакллантириши лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, бундай савдо марказларида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар улушини ошириш ва логистика тизимини ривожлантириш зарурлиги қайд этилди.






