Давлат раҳбари дастлаб Салар канали устида қурилган кўприкни бориб кўрди, атрофдаги кўкаламзорлаштириш ишлари билан танишиб, кўчат экишда иштирок этди. Шундан сўнг ҳокимлик биносида яратилган шароитлар кўздан кечирилди.
Ташриф чоғида Президентнинг 1992–1996 йилларда туман ҳокими сифатида фаолият юритган даврига оид хизмат кабинети ва автомобили қайта тикланган ҳолда намойиш этилди. Давлат раҳбари ўша даврда қабул қилинган муҳим қарорлар ва ўз фаолиятига оид хотиралари билан ўртоқлашди.
Шунингдек, туманда илгари турли ташкилотлар фаолияти тарқоқ ҳолда олиб борилгани, бу эса аҳоли мурожаатларини тезкор ҳал қилишга тўсқинлик қилгани қайд этилди. Эндиликда ҳокимликда сунъий интеллект асосида ишловчи вазиятлар маркази ташкил этилиб, “Ақлли туман” платформаси ишга туширилган.
Ушбу тизим орқали ижтимоий ва коммунал муаммолар мониторинг қилинади, мурожаатлар ижроси назоратга олинади ҳамда фавқулодда ҳолатларда хизматлар фаолияти тезкор мувофиқлаштирилади. Платформа таркибида “Хавфсиз туман”, тадбиркорликнинг рақамли харитаси ва “AI Davomat” каби йўналишлар ҳам мавжуд.
Маълум қилинишича, бундай тизимлар пойтахтнинг Чилонзор, Шайхонтоҳур ва Олмазор туманларида ҳам жорий этилган. Президент ушбу тажрибани Тошкентнинг барча туманларида кенгайтириш бўйича топшириқ берди.






