28 январь куни Колумбияда Beechcraft 1900 русумли йўловчи самолёти қулаб тушди. Оқибатда бортида бўлган 15 нафар инсоннинг барчаси ҳалок бўлган. Бу ҳақда Фуқаролик авиацияси ва Транспорт вазирлиги ҳузуридаги қўшма штабга таяниб, El País хабар берди.
Маълум қилинишича, HK4709 рақамли самолёт Кукута шаҳридаги Камило Даса аэропортидан учиб чиққан ва Окания муниципалитетида жойлашган Агуас-Кларас аэропортига йўл олган. Самолёт билан сўнгги алоқа парвоздан 12 дақиқа ўтиб узилган.
Ҳаво кемаси охирги бор Плая-де-Белен ва Хакари муниципалитетлари орасидаги тоғли ҳудуд устида қайд этилган. Кейинчалик авиакомпания самолёт ёқилғиси тугагани ҳамда фавқулодда радиомаёқ ишга тушмаганини маълум қилган.
Самолёт парчаларини маҳаллий аҳоли топган. Расмийларга кўра, ҳалокат жойида тирик қолганлар аниқланмаган. Йўловчилар орасида Колумбия Вакиллар палатасининг амалдаги аъзоси Диогенес Кинтеро Амайя ҳам бўлган.






