Президент Шавкат Мирзиёев 30 январь куни Жиззах вилоятида ўтказилган йиғилишда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича устувор вазифаларни белгилаб берди. Давлат раҳбари таъкидлашича, келгуси икки йилда вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ўсишини 8,5 фоизга етказиш, хорижий инвестициялар ҳажмини 5 миллиард долларга, экспортни эса 500 миллион долларга чиқариш режалаштирилган.
Йиғилишда саноатни жадаллаштириш доирасида қўрғошин-рух, вольфрам, олтин ва бошқа конлардан самарали фойдаланиш зарурлиги қайд этилди. Шунингдек, “драйвер” лойиҳалар инфратузилмасини мустаҳкамлаш учун жорий йилда 200 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.
Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги, туризм, шаҳарсозлик ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш бўйича қатор аниқ чора-тадбирлар кўзда тутилган. Президент мутасаддиларга ҳар бир лойиҳани аҳоли бандлиги ва турмуш даражасини ошириш билан узвий боғлаб амалга ошириш бўйича топшириқлар берди.






