Дональд Трамп мазкур баёнотни Truth Social ижтимоий тармоғида эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, АҚШ миллий разведка директори Талси Габбард “рус иши” деб аталувчи масалага оид юзлаб ҳужжатларни ошкор қилган. Трамп ушбу материаллар Барак Обама Марказий разведка бошқармаси (CИА) ходимларига унга қарши сохта маълумотлар тайёрлаш бўйича шахсан кўрсатма берганини тасдиқлашини иддао қилмоқда.
Трампнинг таъкидлашича, бу ҳаракатлар америкаликларнинг сайлов тизими ва 2016-йилги сайловлар натижаларига бўлган ишончини сусайтириш мақсадида амалга оширилган. У, шунингдек, собиқ президентни ҳибсга олиш эҳтимолини ҳам тилга олган.
Мазкур баёнотлар АҚШ Федерал қидирув бюроси (ФБИ) томонидан Жоржия штатининг Фултон округидаги сайлов идорасида ўтказилган тинтув фонида янгради. Тинтув давомида 2020-йилги сайловларга оид ҳужжатлар мусодара қилингани маълум қилинмоқда. Хабарларга кўра, тадбирларда амалдаги маъмурият вакиллари, жумладан, Талси Габбард ҳамда ФБИ директорининг ўринбосари Эндрю Бейли иштирок этган.
Ҳозирча Барак Обама ёки унинг вакиллари томонидан расмий изоҳ берилмади.






