Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги айрим мактабгача таълим ташкилотларида карантин жорий этилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур маълумотларга “Санепидқўмита”Тошкент шаҳар бошқармаси расмий изоҳ берди.
Унда қайд этилишича, ҳозирда Тошкент шаҳрида карантин эълон қилинишига сабаб бўладиган хавфли юқумли касалликлар бўйича эпидемиологик вазият барқарор.
“Ижтимоий тармоқларда айтилаётган турли касалликлар (қизамиқ, менингит, гепатит, сил ва бошқалар) бўйича карантин эълон қилиниши заруратини келтириб чиқарадиган ҳолатлар мавжуд эмас. Шуни таъкидлаш лозимки, ҳар йили қишки мавсумда грипп ва ЎРВИ билан касалланиш ҳолатлари аҳолида мавсумий равишда кўпаяди.
Шу сабабли таълим ташкилотларида болалар саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида эрталабки фильтр (саралаш) ишлари, тана ҳароратини ўлчаш, касаллик белгилари бор болаларни вақтинча ажратиш, ота-оналарга тавсиялар бериш каби профилактик чоралар олиб борилади. Айни шу фильтр жараёнлари айрим фуқаролар томонидан карантин сифатида нотўғри талқин қилинган”, дейилади баёнотда.
Қўмита бошқармаси фуқаролардан ижтимоий тармоқларда тарқалган тасдиқланмаган хабарларга ишонмаслик, фақат расмий манбалар орқали бериладиган маълумотларга таянишни сўраган.






