АсосийЖАМИЯТ

Жиззахда икки адвокат пора билан ушланди

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

'Жиззахда икки адвокат пора билан ушланди'ning rasmi

Давлат хавфсизлик хизмати Жиззах вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят прокуратураси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирларда Самарқанд вилоятида фаолият юритувчи икки адвокатнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.


Маълум қилинишича, Самарқанд вилоятининг Ургут туманида адвокатлик фаолияти билан шуғулланувчи шахс Жиззах вилоятидаги жазони ижро этиш муассасаларидан бирида жазо ўтаётган маҳкумнинг жазо муддатини мансабдор танишлари орқали қисқартириб беришни ваъда қилган. Бунинг эвазига у маҳкумнинг яқинидан 15 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.


Яна бир ҳолат Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида қайд этилди. У ерда фаолият юритувчи адвокат жиноят ишлари бўйича Қўшработ туман судида кўрилаётган ишда ҳимоячи сифатида иштирок этган. У судланувчига мансабдор танишлари орқали енгилроқ жазо тайинланишига ёрдам беришини айтган ҳамда бунинг учун унинг ўғлидан 2 минг АҚШ доллари талаб қилган.


Тезкор тадбир давомида мазкур адвокат ҳам сўралган пул маблағини олган вақтида қўлга олинган.


Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.


Давлат хавфсизлик хизмати фуқароларни шу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келган тақдирда, идоранинг 1520 қисқа рақамига мурожаат қилишга чақирди. Қайд этилишича, мурожаат қилувчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.

    Бошқа янгиликлар