Вазирлар Маҳкамасининг 19 февралдаги қарорига мувофиқ, ипотека кредити учун бошланғич бадалнинг 25 фоизи давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади. Субсидия олиш учун педагог Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ариза топширади.
Ариза электрон тарзда кўриб чиқилади ва талабгор ҳақидаги маълумотлар — фуқаролиги, иш стажи, олий малака тоифаси, даромадлари ҳамда кредит тарихи тегишли вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари орқали автоматик равишда текширилади. Қўшимча ҳужжат талаб қилишга йўл қўйилмайди.
Ижтимоий мезонларга мувофиқ деб топилган талабгорга субсидия ажратиш ёки рад этиш тўғрисида электрон хабарнома юборилади. Шундан сўнг педагог иштирок этувчи тижорат банкини танлаб, уй-жойни бирламчи бозордан ипотека кредити асосида сотиб олади. Банк кредит ажратиш масаласини белгиланган тартибда кўриб чиқади ва нотариал шартнома расмийлаштирилади.
Қарорга кўра, субсидия бир оилага (эр ёки хотиндан бирига) фақат бир марта берилади ҳамда фақат бирламчи уй-жой бозорида амал қилади. 2026 йилда ушбу мақсадлар учун давлат бюджетидан 200 миллиард сўмгача маблағ йўналтирилиши режалаштирилган. Субсидия ажратиш жараёни махсус электрон платформалар орқали шаффоф ва автоматлаштирилган тартибда амалга оширилади.






