Афғонистон ҳарбийлари Покистондаги ядровий объектга ҳужум қилди. Бу ҳақда афғон телеканали “Ариана News” хабар берди.
Қайд этилишича, зарбалар Хайбер-Пахтунхва вилояти, Абботтобод тумани яқинидаги объектларга йўналтирилган. Хусусан, нишонлар орасида ядровий полигон ҳамда Pakistan Military Academy (ПМА) бўлган.
Академия Какулда жойлашган бўлиб, Покистон Қуруқлик қўшинлари учун офицерлар тайёрлайдиган асосий ҳарбий ўқув маркази ҳисобланади.
Телеканал “юзлаб ҳалок бўлганлар ва ярадорлар” ҳақида хабар берган, жабрланганлар шифохоналарга етказилгани айтилган.
“Толибон” Абботтободдаги зарбаларни тасдиқлаган. Шунингдек, зарбалар Файсалобод яқинидаги ҳарбий лагерга ҳамда Жамруддаги базага берилгани маълум қилинган. Афғон томони бу ҳаракатларни аввалроқ Қобул, Қандаҳор ва Пактияга берилган зарбаларга жавоб сифатида изоҳлаган.
Маълумот учун, дунё бўйича тўққизта ядровий давлат мавжуд. Уларнинг бештаси – Буюк Британия, Хитой, Россия, АҚШ ва Франция – 1968 йилдаги Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома доирасида расман тан олинган. Шартнома имзолангандан кейин ядровий синов ўтказган давлатлар – Ҳиндистон, Шимолий Корея ва Покистон – норасмий ядровий давлатлар ҳисобланади. Исроил эса алоҳида ҳолат бўлиб, унинг ядровий синовлари ҳақида ишончли маълумотлар мавжуд эмас.
24 февралдан бошлаб икки давлат ўртасида чегара ҳудудларида қуролли тўқнашувлар яна кучайган. 26 февраль куни Афғонистон чизиғи бўйлаб кенг кўламли ҳарбий операция бошлаган. ОАВ маълумотига кўра, афғон томони ўз ҳаво ҳудудига кирган Покистон самолётини уриб туширган.
Покистон Мудофаа вазири Хожа Осиф ўша куни Афғонистондаги толиблар ҳукуматига нисбатан “очиқ уруш” эълон қилинганини айтган.






