2023-йил 26-августдан кучга кирган Ўзбекистон Республикаси “Алкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Қонуни (ЎРҚ-844) билан никотинли ва никотинсиз суюқликлар, электрон сигареталар ва тамаки маҳсулотларини олиб кириш ва сотиш тақиқланган. Мақсад сифат назорати ва истеъмолчиларни ҳимоя қилиш бўлса-да, амалиёт бунинг аксини кўрсатмоқда.
2024–2025-йилларда божхона органлари томонидан 129 та ҳолатда жами 32 466 дона никотин ёстиқчаларнинг ноқонуний муомаласи аниқланган. Масалан, 2025-йил 9-май куни “Тошкент-АЭРО” ИБК тезкор ходимлари “Дубай–Тошкент” йўналишида учиб келган фуқаролардан С.С.Д ва Б.Э.Адан жами 2 780 дона “Уббс” никотин ёстиқчалари ушланган. Уларни олган фуқаро М.С.З ва унинг автомобилидан қўшимча 900 дона маҳсулот вақтинча сақловга олинган, умумий қиймати тахминан 257,6 млн сўмни ташкил қилади.
Мутахассислар таъкидлашича, тақиқлар натижасида бозорда сифатли ва литсензияланган маҳсулотлар ўрнини сифатига кафолат бўлмаган, ноқонуний никотин маҳсулотлари эгаллади. Натижада, давлат назорати ва солиқ тушуми камайган, истеъмолчилар эса соғлиқ хавфи остида қолмоқда — фойда фақат қора бозорда. Шу билан бирга, насвай истеъмоли ҳам давом этмоқда: Ўзбекистонда 2,47 млн киши насвай ишлатади, кунига ўртача 7,5 марта истеъмол қилади, таркибида минглаб кимёвий модда мавжуд ва саратон хавфи юқори.
Хорижий тажрибалар шуни кўрсатадики, тақиқ эмас, балки оқилона тартибга солиш ва зарар камайтириш стратегияси самарали. Масалан:
Шветсия — 2008–2024 йилларда чекиш даражаси 15% дан 5,3% га тушди, тамаки билан боғлиқ касалликлар Европа ўртачасидан 39–41% паст.
Япония— иссиқ тамаки маҳсулотлари бозорга чиққанидан сўнг сигарет сотувлари 33% камайди, иссиқ тамаки маҳсулотлари эса 60% га ошди.
Буюк Британия — 2014–2023 йилларда вейп фойдаланувчилари 4,2% дан 9,1% га ошди, уларнинг 53% собиқ чекувчилар.
Янги Зеландия — 2011–2023 йилларда кундалик чекувчилар 16,4% дан 6,8% га тушди, вейп маҳсулотлари киргандан кейин.
Шундай қилиб, тақиқ ўрнига оқилона назорат ва зарар камайтириш стратегияси орқали чекишсиз келажак қуриш мумкин. Ноқонуний маҳсулотлар билан курашиш ва истеъмолчиларни ҳимоя қилиш учун қонуний ва сифатли алтернативалар мавжуд бўлиши зарур.






