Сўнгги йилларда мис саноати энергетика, электротехника, рақамли иқтисодиёт ҳамда “яшил” тараққиёт учун стратегик аҳамиятга эга хомашё сифатида қаралмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистонда геология-қидирув ишларини кенгайтириш, мавжуд захираларни самарали ўзлаштириш, хомашёни чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Маълум қилинишича, жорий йил март ойида Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 3-мис бойитиш фабрикасининг биринчи навбати ишга туширилган. “Ёшлик-1” конини ўзлаштириш дастури доирасида 196 гектар майдонда барпо этилаётган мазкур лойиҳанинг қиймати 2,7 миллиард долларга баҳоланмоқда. Фабрика тўлиқ қувват билан ишлай бошлаганидан кейин йилига 60 миллион тонна маъдан қайта ишланиб, қарийб 900 минг тонна мис концентрати ишлаб чиқарилади.
Тақдимот давомида фабриканинг кейинги босқичларини ишга тушириш, технологик жараёнларни барқарорлаштириш ва белгиланган ишлаб чиқариш қувватларига ўз вақтида чиқиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Хусусан, янчиш цехидаги шарли тегирмонлар ва флотация линияларини босқичма-босқич тўлиқ қувватга чиқариш бўйича аниқ график ишлаб чиқилган.
Мутасаддиларга жорий йил якунига қадар 3- мис бойитиш фабрикасида рудани қайта ишлаш ҳажмини ошириш, асосий технологик занжирларни тўлиқ ишга тушириш ҳамда ишлаб чиқариш барқарорлигини таъминлаш вазифаси юклатилган.
Қайд этилишича, 3-мис бойитиш фабрикаси тўлиқ ишга тушгач, комбинатда мис концентратининг кунлик ишлаб чиқариш ҳажми 2,4 минг тоннадан 5 минг тоннагача етказилади. Шунингдек, замонавий технологиялар жорий этилиши ҳисобига энергия сарфи ва маҳсулот таннархини камайтириш, меҳнат унумдорлигини ошириш имконияти пайдо бўлади.
Тақдимотда 4-мис бойитиш фабрикаси лойиҳаси бўйича ишлар ҳам муҳокама қилинди.
Билдирилишича, айни пайтда лойиҳа учун базавий инжиниринг ҳужжатлари тайёрланмоқда. Қурилиш майдонида ер ишлари ва геологик бурғилаш ишлари олиб борилмоқда.
Лойиҳани амалга ошириш жараёнида 3-фабрика тажрибасидан келиб чиққан ҳолда технологик ечимларни такомиллаштириш, энергия ва сув ресурсларидан тежамкор фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилади.
Шу билан бирга, халқаро инжиниринг компаниялари билан ҳамкорликда гравитация, флотация, концентратни қуритиш ва қолдиқларни қуюлтириш каби технологик жараёнларни такомиллаштириш, шунингдек, хорижий молия институтларидан маблағ жалб қилиш учун лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини тайёрлаш чоралари белгиланган.
Йиғилиш якунида мутасаддиларга 4-мис бойитиш фабрикаси учун зарур ер майдонларини ажратиш, қурилиш майдонида тайёргарлик ишларини давом эттириш, базавий инжиниринг ҳужжатларини белгиланган муддатларда якунлаш ҳамда лойиҳани босқичма-босқич ишга тушириш режаларини аниқлаштириш бўйича топшириқлар берилди.






