АсосийДунё

“Европа давлатлари урушга қўшилса, уларга зарба берилади” — Теҳрон

Европаликларнинг Эронга қарши ҳар қандай ҳаракати "уруш ҳаракати" сифатида баҳоланиши маълум қилинди.

'“Европа давлатлари урушга қўшилса, уларга зарба берилади” — Теҳрон'ning rasmi

Сешанба куни берилган расмий баёнотда Теҳрон Европа давлатларини Эронга қарши урушга қўшилмасликка чақирди. Бу ҳақда Zamon.uz маълум қилди.

Бу баёнот айрим Европа давлатлари Эроннинг ракета имкониятларини ҳисобга олган ҳолда ўзини ҳимоя қилиш чораларини кўриши мумкинлигини айтганидан кейин янгради.

Баёнотда таъкидланишича, бундай қадам тўғридан-тўғри таҳдид сифатида қабул қилинади ва Эроннинг жавоб зарбалари Европа давлатлари ҳамда шаҳарларига қаратилган ҳолда кенгайтирилади.

"Европанинг ҳимояланиши уруш ҳаракати бўлади. Эронга қарши бундай ҳар қандай ҳаракат тажовузкорлар билан шериклик сифатида баҳоланади. Бу Эронга қарши уруш ҳаракати деб ҳисобланади. Улар Эронни тажовузкорларга қарши жавоб қайтариш имконияти ва салоҳиятидан маҳрум қилмоқчими? Агар Европа тажовузкорлар томонида турса, бу шармандалик бўлади. Улар аллақачон Эронга қарши етарлича ҳаракат қилди”, — деди Бағойи давлат ахборот агентликлари билан ўтказилган матбуот анжуманида.

Бу огоҳлантириш Европа давлатлари ўз мудофаа салоҳиятини кучайтиришга интилаётган бир пайтда берилди. Чунки Эрон билан боғлиқ можаро Яқин Шарқдан ташқарига чиқиб, Европа хавфсизлигига таҳдид солиши мумкинлиги юзасидан хавотирлар кучаймоқда.

Душанба куни Эронда ишлаб чиқарилган ҳужумчи дронлар  Кипрда жойлашган Британия ҳарбий-ҳаво кучларининг Акротири базасига зарба берди. Кипр Европа Иттифоқи аъзоси ҳисобланади. Расмийлар ушбу дронлар “Ҳизбуллоҳ” томонидан Ливандан учирилган бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Ҳужумдан сўнг Буюк Британия базанинг мудофаасини кучайтирди. Британия ОАВларига кўра, бош вазир Кир Стармер эҳтимолий янги ҳужумлардан ҳимояни кучайтириш мақсадида ҳарбий кемани юбориш имкониятини кўриб чиқмоқда. Шу билан бирга, Греция ва Франция Кипрга ҳарбий фрегатлар юборди, Афина эса F-16 қирувчи самолётларини ҳам тақдим этди.

НАТО бош котиби Марк Рютте сешанба куни альянс Яқин Шарқдаги воқеаларда бевосита иштирок этмаётганини таъкидлади. Бироқ у зарурат туғилса, НАТО ҳудудининг “ҳар бир қаричини” ҳимоя қилишини билдирди. Рютте Шимолий Македонияга ташрифи чоғида Эронни кенг минтақавий таҳдид, Исроил учун “экзистенсиал таҳдид”, шунингдек Европа учун ҳам “улкан хавф” деб атади.

    Бошқа янгиликлар