АҚШ президенти Доналд Трамп Вашингтон Эрон билан олиб борилаётган музокараларда марҳум Олий раҳбар Али Хоманаийнинг дафн маросими муносабати билан бир ҳафталик танаффус эълон қилинганини маълум қилди. Бу ҳақда хорижий манбаларга таяниб Zamon.uz хабар берди.
У бу ҳақда Жанубий Дакота штатидаги Рушмор тоғи яқинида АҚШ Мустақиллик куни муносабати билан ўтказилган тадбирда сўзлаган нутқида айтиб ўтди.
“Улар келишувни жуда хоҳлаяпти. Биз уларга дафн маросими учун бир ҳафта вақт бердик”, — деди Трамп.
Бироқ АҚШ президенти музокаралар расман тўхтатилгани ёки аниқ танаффус эълон қилинганини тўлиқ тасдиқламаган. Унинг баёноти Вашингтон ва Теҳрон ўртасида давом этаётган музокаралар фонида янграган.
Аввалроқ, The Wall Street Journal нашри манбаларига таяниб, музокаралар 60 кунлик муддатдан ошиб кетиши эҳтимоли АҚШ томонидан жиддий муаммо сифатида кўрилмаётгани ҳақида хабар берган эди.
Эроннинг марҳум Олий раҳбари Али Хоманаий билан видолашув маросимлари 3 июль куни Теҳронда бошланган. Асосий дафн маросимлари 4–9 июль кунлари мамлакатнинг бир нечта шаҳарларида ўтказилиши, якуний маросим эса Машҳад шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган.






