Кеча, 6 март куни Россия Президенти Владимир Путин Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён билан телефон орқали суҳбатлашди. Суҳбат давомида томонлар АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларини муҳокама қилган. Бу ҳақда “Риа Новости” хабар берди.
Путин мулоқотда АҚШ ва Исроил томонидан Эронга қарши олиб борилаётган ҳужумларни зудлик билан тўхтатиш зарурлигини таъкидлаган. У Яқин Шарқдаги муаммоларни куч ишлатиш орқали эмас, балки музокаралар йўли билан ҳал қилишга чақирган.
Россия раҳбари, шунингдек, Масъуд Пезешкиёнга Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий, унинг оила аъзолари ҳамда ҳукумат вакилларининг ҳалок бўлгани, шунингдек кўплаб тинч аҳоли қурбон бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирган.
Эрон Президенти Путинга мамлакатдаги вазият ҳақида батафсил маълумот берган. Томонлар бундан кейин ҳам мулоқотни давом эттиришга келишиб олган. Россия Президенти Форс кўрфази ҳамкорлик кенгаши давлатлари раҳбарлари билан ҳам доимий алоқада эканини маълум қилган.
Маълумот учун, 28 февраль куни АҚШ ва Исроил Эрон ҳудудига қарши кенг кўламли ҳарбий операция бошлаган эди. Тель-Авив бу ҳаракатни Теҳроннинг ядровий қуролга эга бўлишининг олдини олиш билан изоҳлаган.
Ҳужумнинг илк кунида Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий ҳалок бўлди. Мамлакатда 40 кунлик мотам эълон қилинди. Эрон эса бунга жавобан Исроил ҳудуди ҳамда Яқин Шарқдаги АҚШ ҳарбий базаларига зарба беришни бошлади.






