Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Ғиждувон туманида яшовчи 1994 йилда туғилган фуқаро оила аъзолари билан бирга уй шароитида қўлбола усулда дори тайёрлаб келаётгани аниқланган.
Маълум бўлишича, қонунбузарлар дори воситаларини сақлаш учун битта манзил ҳамда сотиш учун иккита дорихонадан фойдаланган. Текширув давомида ушбу жойлардан 193 турдаги 47 минг 821 дона дори воситаси, шунингдек, дори қутилари, ёрлиқлар, қадоқлаш ускуналари ва йўриқномалар топилиб, мусодара қилинган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, аниқланган дори воситаларининг умумий қиймати 500 млн сўмдан ошади. Мазкур дорилар расмий хулоса олиш учун Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказига юборилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан текширув ишлари давом этмоқда.






