Россия ва АҚШ президентлари телефон орқали суҳбатлашиб, Эрон атрофидаги вазият, Украина бўйича музокаралар ва жаҳон нефть бозоридаги ҳолатни муҳокама қилди.
Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ президенти Дональд Трамп 9-март куни кечқурун телефон орқали мулоқот қилди. Кремл матбуот хизматига кўра, суҳбат давомида халқаро вазиятдаги долзарб масалалар муҳокама қилинган.
Мулоқотда асосий эътибор Эрон атрофидаги можаро, шунингдек Украина бўйича АҚШ вакиллари иштирокида олиб борилаётган уч томонлама музокараларга қаратилган. Путин можарони сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал қилишга қаратилган таклифларини билдирган.
Трамп эса АҚШ ва Исроил томонидан олиб борилаётган ҳарбий операция доирасидаги вазиятга баҳо берган ҳамда Украинада ўт очишни тўхтатиш орқали можарони тезроқ ҳал қилиш тарафдори эканини таъкидлаган.
Суҳбат давомида икки давлат раҳбарлари Венесуэла масаласи ва жаҳон нефть бозоридаги вазиятни ҳам муҳокама қилган. Кремль маълумотига кўра, мулоқот тахминан бир соат давом этган ва ишчан ҳамда конструктив руҳда ўтган.






