Автомактаб ходимлари фуқаролардан пул олиб, имтиҳондан ўтказиб қўйишни ваъда қилган.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент маълум қилишича, Каттақўрғон шаҳрида “Н.И.” МЧЖ автомактаби устаси икки нафар фуқарога “В” ва “С” тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериш учун мазкур автомактабда ўқув курсини тамомлаганликлари ҳақида сертификат расмийлаштириб беришни ваъда қилган. У 1 400 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Хива шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда эса “H.A.” МЧЖ автомактаби ходими танишлари орқали ЙҲХБдаги имтиҳондан ўтказиб қўйишни ваъда қилиб, фуқародан 800 доллар ва 2,4 млн сўм олган вақтида қўлга олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ҳамда 28 ва 211-моддалари (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






