2025 йил сентябрь ойида Тошкент вилоятидаги бир қатор мактабгача таълим муассасаларида болаларнинг оммавий заҳарланиши билан боғлиқ жиноят иши судда кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилди.
Маълум қилинишича, 13 март куни Жиноят ишлари бўйича Бўка туман судида Бекобод, Бўка, Оққўрғон, Пискент ва Қуйи Чирчиқ туманларида содир бўлган ҳолатлар юзасидан очиқ суд жараёни бошланган. Иш доирасида 11 нафар шахс Жиноят кодексининг 186-моддаси 4-қисми “б” банди (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ишлаб чиқариш ва ўтказиш) ҳамда 257-1-моддаси 1-қисми (санитария қоидаларини бузиш) билан айбланмоқда. Судланувчиларнинг 10 нафарига “қамоққа олиш”, яна 1 нафарига “уй қамоғи” эҳтиёт чораси қўлланган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 25 сентябрь куни Пискент, Бўка, Оққўрғон ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги боғчаларда тарбияланаётган болалар овқатдан кейин заҳарлангани маълум бўлган эди. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси маълумотига кўра, жами 1922 нафар бола тиббий кўрикдан ўтказилган. Уларнинг 959 нафарида клиник белгилари кузатилмагани учун уйига жавоб берилган, 269 бола даволаниб чиқарилган, кейинчалик яна 694 бола шифокорлар назоратида даволанган.
Дастлабки маълумотларга кўра, болаларнинг аҳволига боғчаларга етказиб берилган 3,2 фоизли кефир маҳсулоти сабаб бўлган бўлиши мумкин. Мазкур маҳсулот Оққўрғон туманидаги цехлардан бирида ишлаб чиқарилгани аниқланган. Суд жараёни давом этмоқда.






