Исроил ҳарбий прокуратураси 2025 йил июль ойида Сде Теиман марказида фаластинлик маҳбусга жинсий зўравонлик қилган беш аскарга қўйилган айбловларни бекор қилди. Бу ҳақда Zamon.uz хабар берди.
Маълумотларга кўра, мазкур қийноқлар билан боғлиқ ҳодиса ўтган йили июль ойида содир бўлган. Ўшанда Исроил аскарлари Сде Теиман марказида фаластинлик маҳбусни қийноққа солиб, жинсий зўравонлик қилган. Оқибатда маҳбус оғир жароҳатлар, жумладан, ичак йиртилиши билан шифохонага ётқизилган.
Исроил армияси баёнотида айтилишича, Сде Теиман иши бўйича айблов эълон қилинганидан кейин юзага келган муҳим ўзгаришлар ҳисобга олиниб, айблов хулосаси бекор қилинди.
Сде Теиман – Исроил жанубидаги Негев чўлида жойлашган ҳарбий база бўлиб, маҳбусларга нисбатан жисмоний ва жинсий зўравонлик ҳолатлари сабаб кўпинча “Исроилнинг Гуантанамоси”, деб аталади.
Фаластин ва Исроил оммавий ахборот воситалари ҳамда инсон ҳуқуқлари ташкилотлари маълумотларига кўра, Сде Теиман қамоқхонасида маҳбуслар шафқатсиз калтакланиш, узоқ муддат кишанлаб қўйилиш ва тиббий ёрдам кўрсатмаслик каби ҳолатларга дуч келган, айрим ҳолларда бу уларнинг ўлими билан якунланган.
Қийноққа учраган маҳбус 2025 йил 13 октябрда ҲАМАС билан маҳбуслар алмашинуви доирасида Ғазога қайтарилган.






