Коррупцияга қарши тезкор тадбирлар натижасида Жиззах ва Қорақалпоғистонда ҳокимият вакиллари ноқонуний равишда ер ва пул маблағлари эвазига пора олган пайтда ушланди. Бу ҳақда ДХХ Zamon.uz'га маълум қилди.
Маълум қилинишича, Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган текширувда, Жиззах вилоятининг Зарбдор тумани ҳокимлиги бош мутахассиси ўз хизмат мавқеини суиистеъмол қилиб, 1983 йилда туғилган фуқаронинг ер майдонини аукционда расмийлаштириб бериш эвазига 20 млн сўм олганлиги аниқланди.
Шунингдек, ДХХ Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Хўжайли тумани ҳокимлиги бош мутахассиси ва туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бош мутахассиси 41,6 гектар ер майдонини фермер номига расмийлаштириб бериш эвазига 3 минг доллар олган вақтларида ушланди.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат бўйича Жиноят Кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






