Ўзбекистонда 2026 йил 1 апрелдан бошлаб айрим тўловлар фақат нақд пулсиз шаклда амалга оширилади. Яъни энди банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали ҳисоб-китоб қилиш тартиби жорий этилади.
Бу ҳақда президентнинг 10 декабрда қабул қилинган "Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонида белгиланган.
Фармонга мувофиқ, қуйидаги тўловлар нақд пулсиз шаклга ўтказилади:
— давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар учун тўловлар;
— электр энергияси, табиий газ ва ичимлик сувидан фойдаланганлик учун ҳисоб-китоблар;
— алкоголь ва тамаки маҳсулотлари учун тўловлар;
— АЁҚШлар орқали нефть-газ маҳсулотларини сотиб олиш, шунингдек, электромобилларни қувватлаш хизматлари;
— қиймати 25 миллион сўмдан юқори бўлган товар ва хизматлар;
— кўчмас мулк объектлари, шунингдек, ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган M, N, O ва G тоифасига кирувчи транспорт воситалари ҳамда махсус автотранспортларни сотиш ва сотиб олиш билан боғлиқ битимлар.
Ҳужжатга кўра, 2030 йилгача мамлакатда икки муҳим мақсадга эришиш режалаштирилган. Улардан бири — ялпи ички маҳсулотга нисбатан кузатилмайдиган иқтисодиёт улушини 1,3 бараварга қисқартириш. Иккинчиси эса савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида аҳоли томонидан амалга ошириладиган нақд пулсиз тўловлар улушини 75 фоизга етказишдан иборат.






