Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси Юнусобод туман бўлими инспектори Олмазор туманида жойлашган хусусий клиниканинг ёнғинга қарши ҳолати бўйича ижобий хулоса олиб беришни ваъда қилган. У бунинг эвазига жорий йил февраль ойида МЧЖ раҳбаридан 6,5 миллион сўм олган.
Бироқ инспектор турли баҳоналар билан ўз ваъдасини бажармасдан келган. Шундан сўнг фуқаро ундан берилган пулни қайтаришни талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда прокуратура ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида инспектор пулни қайтариб бераётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.






