Бугун, 20 март куни Жанубий Кореянинг Тежон шаҳрида жойлашган автoэҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш заводида йирик ёнғин содир бўлди. “Yonhap” агентлиги хабар беришича, ҳодиса оқибатида камида 53 киши жароҳатланган, яна 14 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.
Ёнғин ҳақида хабар соат 13:17 атрофида келиб тушган. Шундан сўнг Миллий ёнғин хавфсизлиги агентлиги бутун мамлакат бўйлаб кучларни сафарбар қилиш тўғрисида буйруқ берган. Бундай қарор ёнғин кўлами маҳаллий имкониятлардан ошиб кетганда қабул қилинади.
Маълум қилинишича, ҳодиса вақтида заводда 170 нафар ишчи бўлган. Улардан 14 нафари билан ҳалигача боғланиб бўлмаяпти. Жабрланганларнинг аксарияти, жумладан 24 нафар оғир аҳволдаги фуқаро заҳарли газдан нафас олган ёки бинодан қулаб тушган.
Ёнғинни ўчиришга 200 дан ортиқ ўт ўчирувчи ва 90 та техника жалб этилган, шунингдек, ўрмон хўжалиги хизмати вертолётлари ҳам ёрдам бермоқда. Заводнинг икки биносидан бири тўлиқ ёниб кетган, иккинчиси эса ҳали ҳам ёнмоқда. Қулаб тушиш хавфи сабаб ўт ўчирувчилар бинога кира олмаяпти.
Шунингдек, бинода 200 килограмм натрий мавжудлиги ёнғинни бартараф этишни қийинлаштирмоқда, чунки нотўғри ҳаракат портлашга олиб келиши мумкин. Президент Ли Чже Мён мутасаддиларга барча ресурсларни сафарбар этиб, жабрланганларни қутқариш ва ёнғинни жиловлашни буюрган.






