Тошкентдаги Magic Safari боғида вояга етмаган қизларга нисбатан шилқимлик қилган шахсга суд ҳукми ўқилди. Суд ҳужжатларига кўра, 1979 йил Бухоро вилоятида туғилган Ш.Й. 2026 йил 24 февраль куни Янгиҳаёт туманидаги боғда қизларга шаъни ва қадр-қимматини камситувчи уятсиз сўзлар айтган, уларни кузатиб, шаҳвоний шилқимлик қилган.
Шунингдек, у ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаган, ҳақорат қилган ва қочиб кетишга уринган. Жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман суди уни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1 ва 194-моддалари билан айбли деб топиб, 2 млн 60 минг сўм жарима ҳамда 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.
Нодира Ҳакимова бу каби ҳолатларни жиноят сифатида баҳолаш кераклигини таъкидлаб, вояга етмаганларга нисбатан содир этилган бундай хатти-ҳаракатлар учун жазони кучайтириш зарурлигини айтган. Унинг сўзларига кўра, эндиликда бундай ҳолатларда прокуратура қўшимча назорат ўрнатиб, жиноят аломатлари мавжуд бўлса, иш жиноий тартибда кўриб чиқилади.






