Тошкент шаҳрида пора олган кадастр инспектори ҳамда Андижон вилоятида давлат захирасидаги ер майдонини ноқонуний сотишга уринган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Давлат хавфсизлик хизмати "Call-марказ"ига келиб тушган мурожаат асосида ДХХнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.
Унда Кадастр агентлигининг Яшнобод тумани бўлими бош инспектори учинчи шахс орқали 2 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланган.
Терговга қадар текширув материалларига кўра, бош инспектор ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, маҳаллий фуқаро томонидан ноқонуний ўрнатилган енгил конструкцияли қурилмаларни буздирмаслик ва унга нисбатан жарима қўлламаслик эвазига мазкур маблағни талаб қилган.
Яна бир ҳолат Андижон вилоятида қайд этилган. Андижон шаҳрида яшовчи, 1984 йилда туғилган фуқаро харидорга Андижон туманидаги Хақон саноат ҳудудида жойлашган, давлат захирасида бўлган 40 сотих ер майдонини гўёки "E-auksion" орқали ютиб олганини айтган. У мазкур ерни кадастр тизимидаги танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, эвазига 160 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар органлари ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида у олдиндан 80 минг АҚШ долларини олган вақтида қўлга олинган.






