Лойиҳа аҳолига қулай, хавфсиз ва арзон транспорт хизматини яратишга қаратилган.
Президент Шавкат Мирзиёев жамоатчилик вакиллари билан бирга янги йўналишдаги илк поездда Қўқондан Марғилонгача ҳаракат қилди.
Мазкур лойиҳа 2025 йил 27 декабрда қабул қилинган қарор ижроси доирасида амалга оширилиб, Фарғона водийсида йўловчи ташиш тизимини яхшилашни кўзда тутади.
Умумий узунлиги 324 километр бўлган темир йўл ҳалқаси водий шаҳарларини ўзаро боғлаб, аҳоли, тадбиркорлар ва сайёҳлар учун янги имкониятлар яратади.
Янги поезд 6 вагондан иборат бўлиб, 586 ўринга мўлжалланган, соатига 120 км тезликда ҳаракат қила олади. Чипта нархи 15 минг сўм этиб белгиланган.
Таркибда кондиционер, Wi-Fi, USB-зарядлаш нуқталари, ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус қулайликлар ҳамда замонавий хавфсизлик тизимлари мавжуд.
Лойиҳа водийда транспорт тизимини ривожлантириш билан бирга, туризм ва иқтисодий фаолликни ҳам ошириши кутилмоқда.






