АсосийЖАМИЯТ

Бухорода ўлдирилган ҳиндистонлик талаба иши юзасидан Ҳиндистонда ҳам жиноят иши қўзғатилди

Дастлабки маълумотларга кўра, қизнинг ўлимида Малаппурам туманидан бўлган курсдоши гумон қилинмоқда.

'Бухорода ўлдирилган ҳиндистонлик талаба иши юзасидан Ҳиндистонда ҳам жиноят иши қўзғатилди'ning rasmi

Бухоро вилоятида курсдоши томонидан ўлдирилган 22 ёшли Ҳиндистон фуқароси бўйича Ҳиндистоннинг Керала штати полицияси ҳам қотиллик моддаси билан жиноят иши қўзғатди. Бу ҳақда Rediff нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, жиноят иши марҳуманинг ота-онаси мурожаати асосида Алаппужа туманидаги Ҳарипад полиция бўлими томонидан рўйхатга олинган. Шу билан бирга, Алаппужа тиббиёт коллежида суд-тиббий экспертизаси ҳам ўтказилган.

Каямкулам полиция бўлинмаси раҳбари ўринбосари Бинукумарнинг айтишича, жиноят Ўзбекистон ҳудудида содир этилган бўлса-да, Ҳиндистон қонунчилиги бундай ҳолатларда ҳам иш қўзғатиш имконини беради.

Унинг сўзларига кўра, агар Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари гумонланувчини жавобгарликка тортса, Ҳиндистондаги иш тугатилиши мумкин. Акс ҳолда тергов давом эттирилади. Бунинг учун Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Ташқи ишлар вазирлиги орқали Ўзбекистон томони билан ҳамкорлик ўрнатилади.

Марҳуманинг оиласи эса иш Кералада ҳам тўлиқ тергов қилиниши ва асосий гумонланувчи Ҳиндистонга экстрадиция қилинишини талаб қилмоқда. Полиция бу масала халқаро ҳуқуқий тартиб-таомиллар асосида кўриб чиқилишини маълум қилди.

Дастлабки маълумотларга кўра, қизнинг ўлимида Малаппурам туманидан бўлган курсдоши гумон қилинмоқда. Тергов версиясига кўра, улар ўртасидаги жанжал вақтида йигит қизга ноутбук билан зарба берган ва бу унинг ўлимига сабаб бўлган.

Бироқ марҳуманинг яқинлари воқеа расмий талқиндан оғирроқ бўлганини билдирмоқда. Уларнинг таъкидлашича, жасад Ўзбекистондан олиб келинганда танасида кўплаб жароҳатлар аниқланган. Оила вакиллари қизнинг ўлимидан аввал қийноққа солингани ва бир неча бор калтакланган бўлиши мумкинлигини илгари сурмоқда.

Ҳозирча Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари мазкур иш юзасидан қўшимча расмий маълумот берганича йўқ.

    Бошқа янгиликлар

    Бухорода ўлдирилган ҳиндистонлик талаба иши юзасидан Ҳиндистонда ҳам жиноят иши қўзғатилди - Darakchi.uz