2024 йил 25 декабрь куни Ақтау яқинида Боку–Грозний йўналишида парвоз қилган Embraer 190 самолёти қулаши натижасида 67 кишидан 38 нафари ҳалок бўлган эди. Илк босқичда Россия ҳодисага алоқадорлигини инкор этиб, сабаб сифатида қушлар билан тўқнашувни кўрсатган. Кейинчалик самолёт қолдиқларидан зенит ракета излари топилгани вазиятни ўзгартирди.
2024 йил 28 декабрда Россия президенти Владимир Путин Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиевга қўнғироқ қилиб, воқеа Россия ҳаво ҳудудида содир бўлгани учун узр сўраган. Алиев эса Москва томонини ҳақиқатни яширишда айблаб, айбдорларни жазолаш ва товон тўлашни талаб қилган эди.
2025 йил 9 октябрда Душанбеда бўлиб ўтган учрашувда томонлар келишувга эришди. Россия томони ҳалокатга Украина дрони парвози ва техник носозлик сабаб бўлганини билдирган. Унга кўра, икки ракета самолётга тўғридан-тўғри тегмасдан, унинг яқинида портлаган.
Шу билан бирга, тергов тўлиқ якунига етказилмаган: 2025 йил декабрида Россия Тергов қўмитаси жиноий ишни айбдорларни жавобгарликка тортмасдан ёпган. Янги қўшма баёнотда эса икки давлат ўртасидаги келишувлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланган.






