Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Франциянинг Европа ва ташқи ишлар вазири Жан-Ноэль Барро билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда у ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
Саида Мирзиёеванинг ёзишича, учрашув давомида Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларининг бугунги ҳолати ҳамда уларни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинган.
“Франция Ўзбекистоннинг Европадаги муҳим стратегик ҳамкорларидан бири бўлиб қолмоқда. Ўзаро алоқаларимиз энергетика, транспорт, инфратузилма, таълим ва соғлиқни сақлаш каби соҳаларни қамраб олади”, деб ёзади у.
Шунингдек, Саида Мирзиёева Ўзбекистон Марказий Осиёда ишончли ва барқарор ҳамкор сифатидаги мавқеини сақлаб қолган ҳолда, Франция ҳамда умуман Европа билан шерикликни келгусида ҳам изчил мустаҳкамлаш ниятида эканини таъкидлаган.






